Умуман, бу ишни қаердан излаш керак?
Россиялик иш берувчилар кўпинча керакли мутахассисларни Ўзбекистондан ўзлари қидиришади — бунинг учун одамларни квоталар бўйича (ва танлов орқали) жалб қиладиган махсус компаниялар (уларни Google дан топиш қийин эмас) мавжуд. Вакансияни иш берувчининг веб-сайтидан мустақил топиш ҳам мумкин — агар сиз, масалан, қурилиш соҳасида юқори малакали мутахассис бўлсангиз.
Афтидан туризм мақсадида бориш ва вариантни жойида излаш — яхши фикр эмас. Депортация хавфи юқори, ўша “тавакаллчилар” ўртасидаги катта рақобат ва умуман олганда сиз учун энг катта хавф — виждонсиз иш берувчига рўбаро келиш, компания учун эса — жаримага тортилиши хавфи мавжуд. Вазиятлар, албатта, ҳар хил бўлиши мумкин — баъзида масалани жойида ҳал қилиш ҳақиқатдан ҳам осонроқ. Аммо шаҳарда ишончли танишларингиз бўлмаса, унда бундай қилмаган маъқул.
Реклама, маркетинг ва умуман, жисмоний куч билан боғлиқ бўлмаган иш соҳасидаги мутахассислар учун бу борада анча осон. Сиз ва иш берувчингиз ўзаро қизиқтирган ва маъқул келган бўлсангиз, ҳар доим масофали иш топиш ва ундан кейингина офисга кўчиш имконияти мавжуд. Ушбу соҳадаги таклифларни ҳар қандай жойда — “ВКонтакте” ва Facebook да, FL.ru ва LinkedIn каби мустақил сайтларда қидиришингиз мумкин.
Саёҳат нимадан бошланади
Россия Федерациясига саёҳат қилишдан олдин, бирон сабабга кўра (тасодифан) сиз учун кириш тақиқланмаганлигини текшириб кўринг. Буни онлайн амалга ошириш мумкин.
Албатта, буни авиачипталардан бошлаш керак — яхшики 1 апрелдан бошлаб Тошкент ва Москва ўртасида тўғридан-тўғри рейслар қайта йўлга қўйилди. Ҳозирча улар кам, аммо парвозлар сонини, шу жумладан чартер рейслари ҳисобига кўпайтиришга ваъда беришмоқда. Айтайлик, сизда чипта бор.
Биометрик паспортингиздан ташқари сизда янги топширилган ПЦР-тести (натижалари саёҳатдан олдин 72 соатдан кеч бўлмаган вақтда олинган) бўлиши керак. Келгандан сўнг, сиздан яна топширишингизни сўрашлари мумкин — агар ҳаммаси жойида бўлса, унда мос уй топиб, миграция рўйхатидан ўтишингиз учун бир ҳафта вақтингиз бўлади — биз бу ҳақда аввалги мақолалардан бирида ёзган эдик.
Ҳужжатлар ҳақида нима дейиш мумкин?
Айтайлик, сиз иш берувчингиз билан келишиб олдингиз, аллақачон Москвада (ёки сизни қизиқтирган бошқа шаҳарда), яшаш жойини аниқлаб, миграция хизматида рўйхатдан ўтгансиз. Кейинчалик, ФМХнинг (Федерал Миграция Хизмати) маҳаллий бўлимида иш фаолиятини амалга ошириш учун патент олишингиз керак.
Улар қуйидагиларни сўрашади:
— Патент олишга ариза
— Биометрик паспортингиз ва унинг нусхаси
— Миграция картаси (ташриф мақсади — «иш»)
— Режалаштирилган иш даври учун ИТС полиси (тиббий суғурта)
— Гиёҳвандлик диспансерида рўйхатда турмаслигингиз ҳақида маълумотнома
— Сизда юқумли касалликлар ва ОИВ йўқлиги ҳақида маълумотнома
— Рус тили, Россия тарихи ва Россия қонунчилиги асосларини билишини тасдиқловчи ҳужжат
— Яшаш жойида рўйхатдан ўтиш (вақтинча рўйхатдан ўтиш)
Эҳтимол, иш берувчингиз сизга миграцион рўйхатдан ўтишда ва керакли маълумотларни олишда ёрдам берар — бу энди қандай келишганингизга боғлиқ. Агар сиз юқори малакали мутахассислардан бири бўлсангиз, унда сизга ҳатто патент ҳам керак бўлмайди: қўлингизда ишлашга таклифнома бўлади.
Хизмат ҳаққини тўласангиз патентни олишга ёрдам берадиган идоралар ҳам мавжуд — бу амалиёт асосан ҳудудларда амалга оширилади (Ички ишлар вазирлигининг миграция масалалари бўйича бош бошқармаси ва Россия Федерациясининг таркибига кирувчи ташкилотлар ўртасида ўзаро ҳамкорлик шартномалари асосида)
Ушбу мақолани ёзиш пайтида патентни расмийлаштириш учун тўлов 5092 рублни ташкил қилади.
Иш берувчига кўрсатишингиз керак бўлади:
— Биометрик паспорт
— Меҳнат дафтарчаси (Россияникини олиш керак)
— СНИЛС рақами (шахсий ҳисоб рақамининг суғурта рақами) бунинг учун маҳаллий пенсия тизимида рўйхатдан ўтиш зарур
— ИТС полиси (тиббий суғурта)
— Ишлаш учун рухсатнома ёки патент
— Вақтинчалик яшаш учун рухсатнома ёки доимий яшаш учун ҳужжат
— Таълим тўғрисидаги ҳужжат (агар мутахассислик шуни талаб қилса)
— Миграция картаси
— Яшаш жойида рўйхатдан ўтиш
Ўз навбатида, иш берувчининг мажбуриятлари:
— Сиз билан меҳнат шартномасини тузиш
— Ишга қабул қилиш тўғрисида буйруқ чиқариш
— Ушбу буйруқ билан танишганингизни имзоингиз билан тасдиқлаш
— Меҳнат дафтарчангизга ишга қабул қилинганлик ҳакидаги ёзувни киритиш
Жуда ошириб юборилгандек туюлиши мумкин — лекин аслида деярли ҳар қандай мамлакатда (шу жумладан, Ўзбекистонда) ҳам расмий ишга қабул қилишда шунга ўхшаш рўйхат талаб қилинади. Аммо чет элда аниқ ишга жойлашишингизга ва келажагингизга ишонч ҳосил қилиш учун буларнинг барчасини бир марта диққат билан расмийлаштирувини амалга ошириш мақсадга мувофиқдир.